Ўзбекистонда депутатлар фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Концепцияда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари белгиланган.
Сенат қўмитасида жиноий ва маъмурий кодексларга давлатнинг дунёвий мақомини мустаҳкамловчи қўшимчалар киритиш масаласи муҳокама қилинди. Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда диний блогерларнинг фақат диний қарашларини акс эттирувчи ва адоватни қўзғатишга қаратилган чиқишлари кўпайган.
«Ўзбекистон — дунёвий давлат ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев референдум якунларига бағишланган учрашувда. Давлат раҳбари мамлакатда ҳар қандай радикаллашувга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳеч қачон йўл қўйилмаслигини айтди.
Адлия вазирлигининг маълум қилишича, диний мавзуда чиқишлар қиладиган айрим шахслар томонидан аёлларнинг ҳуқуқларини чеклаш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, дунёвийлик принципидаги қонунларни шубҳа остига олиш ҳолатлари аниқланган. «Инсонлар хулқ-атворига алоҳида шахсларнинг ахлоқий-диний қарашлари билан эмас, балки амалдаги қонунчилик нуқтаи назаридан баҳо берилиши лозим», — дея таъкидлади вазирлик.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг